“Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси

Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ва унинг Ўзбекистондаги филиали ҳамда “Сувчи” жамоат бирлашмаси ҳамкорликда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастуридан ўрин олган “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Республиканинг олтита ҳудудларида аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар” мавзусида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари туманларидаги ўрта мактаблар ўқитувчилари иштирокида семинарлар ўтказила бошланди.

Дастлабки семинар жорий йилнинг 18 декабрь куни Фарғона вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида география ўқитувчилари малакасини ошириш курси тингловчилари иштирокида Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари, маҳаллий сув хўжалиги ташкилотлари вакиллари ҳамда “Сувчи“ жамоат бирлашмаси мутахассислари иштирок этди.

Семинарни ҳудудий марказ ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбоосари Х.Хамракулов кириш сўзи билан очди.

Ушбу тадбирда лойиҳа мутахассислари  семинар иштирокчиларига “Сув – бу ҳаёт шарбати”, “Орол инқирози ва уни юмшатиш”, Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва муҳофазаси”, “Маиший ва саноат чиқиндилари, уларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш”, “Глобал иссиқлик даврининг оқибатлари” мавзулари бўйича тақдимот материалларини тақдим қилишди. Маълумотларда иқлим ўзгариши билан сув ресурсларининг камайиши ва ушбу жараёнларга қишлоқ хўжалиги ҳамда аҳолини мослаштириш масалалари ҳам  келтирилган.

“Сув – бу ҳаёт шарбати” номли тақдимотда: ер юзидаги умумий сув ресурслари ва ичимлик суви;  ер юзи аҳолисининг ўсиш динамикаси ва сув билан таъминланганлиги; Марказий Осиё мамлакатларида глобал иқлим ўзгариши натижасида температуранинг кўтарилиши ҳамда унинг Федченко, Гомо, Батруд, Зарафшон ва Абрамова музликларининг камайишига таъсири; ер юзи мамлакатларида бўйича сув ресурсларининг тақсимланиши ва киши жон бошига тўғри келадиган сув миқдори; Орол денгизи ҳавзаси дарёларида сув ресурсларининг шаклланиши ва уларнинг мамлакатлар бўйича тақсимланиши; Ўзбекистон Республикасига лимит бўйича ажратиладиган сув миқдори, аҳолининг ўсиш ва уларнинг сув билан таъминланганлик динамикаси; Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт соҳалари бўйича 2008 ва 2012 йилларда сув ресурсларининг тақсимланиш динамикаси; иқлим ўзгариши ва сув ресурсларининг камайишига аҳолини мослаштириш тадбирлари тўғрисида маълумотлар берилди.

 “Маиший ва саноат чиқиндилари, уларни тўплаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш” номли тақдимотда чиқиндиларни бошқариш билан шуғулланаётган ташкилотлар – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» вазирлиги, «Саноатгеоконтехназорат» агентлиги чиқиндиларни бошқариш бўйича улар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлари ҳамда «Хавфли чиқиндиларни трансчегаравий ташиш ва уларни йўқотишни назорат қилиш тўғрисида»ги Базель конференциясининг талабларига асосланган Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг шартлари ва қоидаларига асосан олиб боришлари айтилди. Тақдимотда республикада бир йилда ҳосил бўладиган маиший ва саноат чиқиндилари ҳамда қаттиқ маиший ва саноат чиқиндиларини (2010-2017) ҳосил бўлиш динамикаси, қаттиқ маиший ва саноат чиқиндиларни кўмиш полигонлари, қайта ишланадиган чиқинди турлари ва унга мослашган ташкилотлар сони, 2017 йилда саноат ва маиший чиқиндиларни ҳосил бўлиши ҳамда қайта ишланган чиқиндилар ва уларнинг миқдори, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг морфологик таркиби ва фоизи, республика ҳудудида қаттиқ маиший ва саноат чиқиндилариниг ҳосил бўлиши, республикада санитар тозалашга ихтисослашган корхоналар ва улардаги мавжуд махсус техникалар сони ҳамда республикада истиқомат қилувчи аҳолининг санитар тозалаш хизматлари билан қамраб олиш даражаси, маиший ва саноат чиқиндилари тўғрисидаги қонунлар ва қарорлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг чиқиндилар билан боғлиқ жавобгарлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар келтирилди.

“Орол инқирози ва уни юмшатиш” мавзусидаги тақдимотда экологик муаммолар умумбашарий (глобал), минтақавий (регионал) ва маҳаллий (локол)га бўлиниши, Орол муаммоси ҳам маҳаллий, ҳам минтақавий ҳам умумбашарий муаммо эканлиги айтилди. Халқаро экспертларнинг маълумотларидан келиб чиқиб Орол тубидан кўтарилган заҳарли тузлар Антрактида қирғоқларига, Гренландия музликларига, Норвегия ўрмонларига ҳамда  Шарқий Европа ҳудудидан Ҳимолай тоғларигача ва ер шарининг бошқа бурчакларигача бориб етганлиги тўғрисида маълумот берилди.  Умумбашарий экологик муаммолар таркибига энг асосийлари бўлган иқлим ўзгариши, озон қатламининг еирилиши, чучук сув муаммоси, пестицид ва химикатлардан фойдаланиш муаммолари киритилиши айтилди.. Орол денгизининг қуриши оқибатида қушларнинг 319 туридан 160 тури, сув эмизувчиларнинг 70 туридан 32 тури, балиқларнинг 32 туридан 6 тури, балиқчилик саноатининг атиги 0,5 % қолганлиги кўрсатиб ўтилди.

Орол денгизини қуриши оқибатида кейинги 2 йилнинг апрель-июнь ойларида Оролбўйида жойлашган ҳудудларда кучли қумли-тузли чанг бўронлари кўтарилиб, аҳолига ва қишлоқ хўжалик экинларига катта зарар келтираётгани таъкидланди.

“Атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва муҳофазаси” мавзусидаги тақдимотда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атмосферанинг, тупроқнинг ва сувнинг ифлосланиши тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, унда атмосферанинг ифлослантирувчи манбалар доимий (заводлар, фабрикалар, ёқилғи-энергетик комплекслари ва металлургия саноатидан) ва ҳаракатланувчи (машина ва механизмлар) манбалардан ташкил топиши, республика вилоятлари бўйича ҳаракатланувчи манбалардан чиқарилаётган чиқинди моддаларининг миқдори, доимий манба ҳисобланган Орол тубидан кўтарилаётган чангли-қумли ва чангли-тузли  аралашмалар, доимий ва ҳаракатланувчи манбалардан чиқаётган умумий чиқинди моддалари ва уларнинг динамикаси, ушлаб қолинган ва зарарсизлантирилган ифлослантирувчи моддалар миқдори динамикаси келтирилди.

Сувнинг ифлосланиши бўйича: фойдаланиш мумкин бўлган чучук ва шўрланган ер ости сувлари захиралари; фойдаланиш мумкин бўлган умумий ва чучук ер ости сувларининг вилоятлар кесимида тақсимланиши; сув ресурсларини ифлослантирувчи асосий манбалар; сув ресурсларини асоий ифлослантирувчи манбалар, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган коллектор-дренаж тармоқлари сувлари  тўғрисидаги маълумотлар берилди.

Тақдимотнинг тупроқни ифлосланиши тўғрисидаги қисмида Ўзбекистон Республикасининг ер фонди, қишлоқ хўжалик ерларининг шўрланиш оқибатида ифлосланиши, вилоятлар кесимида тупроқ ифлосланишининг 2007 ва 2017 йилги ҳолатлари, тупроқ ифлосланишининг олдини олиш чора-тадбилари тўғрисидаги Президент фармонлари, фармонларни бажариш давомида олиб борилган ишлар, лизинг асосида сотиб олинган машина ва механизмлар ҳамда улар билан бажарилган ишлар, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиланиш динамикаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича асосий қонун ва қарорлари рўйхати келтирилди.

“Глобал иссиқлик даврининг оқибатлари” номли тақдимотда глобал исишнинг сабаблари, National Geographic журналининг муаллифлари  томонидан кўриб чиқилган глобал иссиқлик даврининг барча эҳтимолий асоратлари борасида фикрлар айтилди. Ер шарининг барча қитъалари бўйича олимлар томонидан тузилган интерактив хариталар ҳамда уларда келтирилган фактлар, яъни яқин келажакда Атлантика океани яқинидаги барча қирғоқлар йўқолиб сув остида қолиб кетиши; Сув тошқинлари Европа ҳамда Осиё ҳудудига ҳам таъсир қилиши ва Болтиқбўйи давлатларининг деярли жуда катта қисми, Англия, Россияинг катта қисми, шунингдек Ўрта ер денгизи атрофлари ҳам сув остида қолиши; Сувнинг кўтарилиши натижасида Қора денгиз атрофлари ҳамда Каспий денгизининг катта қисми кенгайиб кетиб, шарқий ҳамда жануби-шарқий Осиё ҳудудларидаги давлатлар қирғоқларининг жуда катта қисми ҳам сув остида қолиб кетиши; Сувнинг кўтарилиши Австралия қитъасини четлаб ўтмаслиги ва оролнинг қирғоқлари ҳам сув остида қолиб кетиши; Антарктида қитъаси эса умуман таниб бўлмас даражага келиши, яъни музликлар батамом эриб, уни ўрнида яшил қитъа вужудга келганлиши ҳамда қитъанинг деярли ярмидан кўпи сув остида қолиши; Африка қитъасига эса сув тошқинлари деярли таъсир қилмаслигини, фақатгина Араб ярим оролларида бирмунча сув тошқинлари бўлиши; Яшил қитъа бўлган Жанубий Америка қитъасининг катта ҳудудлари ҳам сув остида қолиши мумкинлиги борасида маълумотлар берилди. Бу маълумотларга кўра,  150 йил ичида Амстердам, 170 йил ичида Гамбург ва С.Петербург, 180 йил ичида Сан-Франциско ва пастки Манхеттен, 350 йил ичида жанубий Лондон, 400 йил ичида Шанхай ва Эденбург, 450 йил ичида Янги Орлеан, 600 йил ичида Нью-Йорк, Лондон ва Тайван каби шаҳарлар сув остида қолиши мумкин. Сайёрамизда океанлардан кейинги сув захиралари  музликлар бўлиб, улар ер юзининг жуда катта қисмини ташкил қилади. Жами музликлар деярли 6-7 миллион км3 бўлиб, буларнинг ҳаммаси қачон тўлиқ эриб кетишини ҳеч ким билмайди. Баъзи олимларнинг айтишига қараганда музликлар батамом 5000 йил давомида эриб кетиши мумкин. Лекин биз Ер таркибидан кўмир, нефть ва газ қазиб олсак ҳамда 5 миллиард тонна миқдорида углеродларни атмосферага чиқарсак, амалдаги ўртача 58 градусли температура ўрнига, ўртача 80 градус температурага эга бўлган жуда иссиқ сайёрани юзага келтирамиз.

Шунингдек тақдимотда: Шимолий-ғарбий Аляска музликлари; Аляскадаги Маккарти музлиги; Швецариядаги  Муири  музлиги; Перу давлатидаги Кори калис музлиги; Калифорниядаги Оровилл кўли; Аргентенадаги Мар-Чикита кўли; Эрондаги Урмия кўли; Чаддаги Чад кўли ҳамда Ўрта Осиёдаги Орол денгизининг ҳар хил йиллардаги ҳолатлари кўрсатилди.

Бундан ташқари тақдимотда Глобал исиш натижасида аҳоли саломатлигига, хусусан, аёллар ва болалар соғлигига таъсир қилиб аҳоли   орасида атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган турли касалликлар келиб чиқиши айтилди. Яна қайд этилишича, Глобал исишга бевосита таъсир кўрсатаётган ва 1995 йилда ишлаб чиқарилган автоуловлар 2010 йилдагига нисбатан 38 маротаба кўп заҳарли газларни атмосферага чиқарган. Йирик шаҳарлардаги турли хил газлардан йилига 400 минг одам ҳалок бўлиб 1200 нафар одам касалликка чалинмоқда. Аксарият тиббий тизимлар (музликлар, корал рифлари, тропик ўрмонлар) ўзгариши, айрим ўрмонларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши оқибатида  ҳайвонлар дунёсининг  қисқариши ва биохилмахилликнинг камайиши юз  бермоқда. Айни кунларда сут эмизувчилар, судралиб ёки ўрмалаб юрадиганлар,балиқларнинг кўплаб турлари миқдори 30 фоизга қисқарган. Жуда кўплаб ўсимлик дунёсининг йўқ бўлиб кетиш хавфи пайдо бўлмоқда ва натижада экотизимлар ўзгариши кутилмоқда.

Тадбир давомида, лойиҳа ижрочиларига вилоят туманлари ўрта мактабларининг экология, табиатшунослик ва география фанлари ўқитувчилари томонидан мавзулар доирасида саволлар берилди ва саволларга қониқарли жавоблар қайтарилди. Иштирокчиларнинг мавзулар бўйича фикрлари тингланди.

Фикрлар алмашиши жараёнида тадбирда қатнашган ҳар бир иштирокчи атроф-муҳит экологияси, табиат инъомларидан исроф қилмасдан тежаб-тергаб фойдаланиш лозимлигини, глобал иқлим ўзгариши оқибатлари ва унга мослашиш бўйича берилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ўзларининг бундан кейинги фаолиятларида бу масалаларни мактаб ўқувчилари онгига янада кўпроқ сингдиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини эътироф этдилар.

Тадбир иштирокчилари “Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўтказилган семинардан катта тассурот олишди.

Muallif Abbos Mirzo

Abbos Mirzo
Sayt haqida fikr va mulohazalaringizni qayta aloqa formasi orqali kutib qolamiz!

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*