Айни кунда Фарғона вилоятида халқ таълими муаммолари нимада? Фарғона вилояти ҳудудий малака ошириш маркази матбуот хизматининг хабарига кўра, вилоят халқ таълими тизимида учраётган муаммолардан бири педагогларнинг сифат таркиби, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар салмоғи ҳамда малакасиз оқсаётган ўқитувчилардир.

Вилоятда биргина Қувасой шаҳри халқ таълими тизимидаги 30 та мактабда жами 1103 нафар педагоглар фаолият олиб борса, 44 фоизи, яъни 483 нафаригина тоифага эга бўлиб, шундан атиги 29 нафари олий тоифали ўқитувчи. Қолган 620 нафар, 46 фоиз педагогда тоифа йўқлигини маълум қилди.
Мазкур муаммо юзасидан Фарғона вилоят малака ошириш ҳудудий маркази директори Ваҳобжон Ражапов халқ таълими бўлими фан методистлари, тегишли ходимлари ва мактабларнинг масъул раҳбарлари билан учрашув ўтказган.

Учрашувда педагог-ўқитувчиларнинг билим салоҳиятини ҳамда олий малака тоифадаги ўқитувчилар салмоғини ошириш, педагог кадрлар салоҳиятини кўтариш, ўқитувчиларнинг малакаларини тизимли тартибда ошириш каби аниқ вазифалар белгиланган.
Шунингдек, мазкур масала бўйича вилоятнинг Ёзёвон туман халқ таълими ҳам ўрганилган. Туман халқ таълими бўлими методистларининг мактабдаги мазкур ҳолатларни чуқур таҳлил қилмаганлиги, мукаммал ва намунавий методик қўлланмалар етишмовчилиги, баъзи мактабларда олий тоифали ўқитувчилар йўқлиги, биринчи малака тоифали педагог кадрлар салмоғи камлиги очиқ танқид қилинган.

Биласизки, йиллар мобайнида таълим тизимида бу каби муаммолар йиғилиб қолган. Айни кунга қадар сўнги олти ой мобайнида таълим сифатини яхшилашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар имзоланди.
Хўш, амалдачи? Бу қарор ва фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳудудларда амалдаги ижроси қандай? Ҳудудларда халқ таълими муаммоларини ўрганиш, истиқболли режаларни ишлаб чиқиш давом этади. А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректорининг галдаги хизмат сафари Республикамизнинг водий вилоятларига режалаштирилган.