♾Халқ таълими вазирлиги Ёш мутахассисларни танлаш дастурини тасдиқлади

♾Халқ таълими вазирлиги Ёш мутахассисларни танлаш дастурини тасдиқлади

✅Унинг ҳаётий зарурати нимада?

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 4 августда ўтказилган тегишли йиғилиш баёни асосида Халқ таълими вазирлиги томонидан Ёш мутахассисларни танлаш дастури тасдиқланди. Мазкур Дастур Халқ таълими вазирлиги томонидан олий таълим муассасаларининг битирувчи курсида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш ва кейинчалик захирага киритиш бўйича муҳим жараёнларни назарда тутади.

➡️ ДАСТУР НИМА УЧУН ЗАРУР?

Дастурнинг асосий мақсади – давлат хизматига энг муносиб кадрларни танлаш ва тайёрлаш орқали ОТМ битирувчиларини давлат хизматига жалб қилиш самарадорлигини оширишдан иборатдир.

Дастурнинг асосий вазифаси — олий таълим муассасалари ҳамда давлат хизмати ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш, салоҳиятли ва билимли битирувчиларни вазирлик, унинг тизимидаги ташкилот ва муассасаларга стажировка ўташ учун йўналтиришдир.

Бунинг натижаси ўлароқ, стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчилар танлов (суҳбат) асосида Халқ таълими вазирлиги ҳамда унинг қуйи бўғинларига ишга қабул қилинади.

➡️ ТАНЛОВ ҚАЙ ТАРТИБДА ЎТКАЗИЛАДИ?

Дастлаб “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” бўйича стажировка танлови ҳақида вазирликнинг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифаларида берилган эълон асосида номзодларнинг аризалари қабул қилинади. Аризаларни қабул қилиш онлайн шаклда (телеграм бот орқали) ҳам амалга оширилиши мумкин.

Номзодлар танловда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, давлат фуқаролик хизмати ва коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик, давлат тили, ахборот технологиялари бўйича билим даражасини аниқлаш учун вазирлик томонидан ҳамкор ОТМлар билан биргаликда ташкил этиладиган синовдан (тест ёки суҳбат) ўтади.

(https://cdn.beta.qalampir.uz/uploads/tw/f_fbLcwi0PkyX6riNw9h0cDFR4f2xu7h.jpg)Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган номзодлар (71 фоиздан юқори) вазирлик томонидан суҳбатдан ўтказилади. Баҳолаш натижаларига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларни стажировкага қабул қилиш ҳақида вазирликнинг буйруғи чиқарилади. Стажировка жараёнини намунали якунлаган ёш мутахассислар стажировка ўтаган ташкилотнинг кадрлар захирасига киритилади.

➡️ СТАЖИРОВКАНИНГ ЎТАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Стажировка уч ойдан кам бўлмаган ҳамда бир йилдан кўп бўлмаган муддатда, учта босқич — тайёрлов, асосий, ҳисоботларни топшириш ва баҳолаш тарзида амалга оширилади. Талабалар стажировка ўташнинг бошида ташкилотнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ўзига хослиги билан танишади ҳамда стажировка раҳбари ва бириктирилган устоз-ментор билан биргаликда шахсий иш режа жадвалини тузади.

Асосий босқичда битирувчи шахсий иш режада кўрсатиб ўтилган ишларни бажаради. Сўнгги босқичда ҳисобот-тақдимот стажировка раҳбари, устоз-ментор ва Ёшлар ишлари агентлиги вакили томонидан баҳоланиб тасдиқланади.

Стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчилар сертификат билан тақдирланади ва шу асосда битирувчиларни давлат хизматига ишга қабул қилишда имтиёз берилади.

📌КИМЛАР ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ?

Стажировкани муваффақиятли тамомлаган, сертификатга эга битирувчилар вазирликдаги махсус комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбат асосида олтинчи даражали давлат хизматчилари (мутахассис) вакант лавозимига ишга қабул қилиниши мумкин.

Muallif Abbos Mirzo

Sayt haqida fikr va mulohazalaringizni qayta aloqa formasi orqali kutib qolamiz!

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*