Me’yoriy hujjatlar

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ПЕДАГОГ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ

ВА МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ИНСТИТУТИ

УСТАВИ

Фарғона – 2012

 

Умумий  қоидалар

1.Ушбу Устав Фарғона вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг фаолияти тартибини  белгилайди.

  1. Фарғона вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (матн давомида «Институт») олий ўқув юрти мақомига тенглаштирилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади, у Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Халқ таълими вазирлигининг қарор ва буйруқлари, жумладан 2009 йил 22 декабрдаги 354-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институт (марказ) лари ҳақида Низом” ҳамда ушбу Устав асосида фаолият кўрсатади.
  1. Институт мустақил юридик шахс мақомига эга бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва “Фарғона вилояти педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти” деб ёзилган муҳри ва тамғасига ҳамда банкда ўз ҳисоб рақамига эга.
  1. Институт манзили: 712000, Фарғона шаҳри, Қ.Додхоҳ кўчаси, 2-уй, телефонлар: 8 (373)-224-54-98, 8 (373)-224-54-40.
  2. Институт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар   Маҳкамаси   томонидан жорий қилинган тартибга биноан ташкил этилади ва тугатилади. У Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга асосан давлат аттестациясидан ўтказилади ва аккредитация қилинади.
  1. Институт мактабгача, умумий ўрта, мактабдан ташқари ва махсус таълим муассасалари, шунингдек, халқ таълимининг ҳудудий бошқарув органлари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган ўқув муассасаси ҳисобланиб, шу йўналишдаги ўқув, илмий ҳамда ташкилий-методик ишларни амалга оширади.
  1. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш – мавжуд Давлат таълим стандартлари ёки Давлат талаблари асосида ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича янги касб билимларини, малака ва кўникмаларни ўзлаштиришни назарда тутади. Қайта тайёрлашнинг асосий турлари- педагогик қайта тайёрлаш ва касбий қайта тайёрлаш ҳисобланади.
  1. Педагог кадрлар малакасини ошириш – таълим турлари бўйича Давлат таълим стандартлари (Давлат талаблари) асосида касбий ва педагогик маҳорат доимий равишда ўсиб боришини, ўқув-тарбия жараёни юқори илмий-методик даражада олиб борилишини таъминлайдиган, ўқитилаётган фан ёки курс, педагогик ёки ахборот технологиялари ва ўқитишнинг интерфаол методлари бўйича касбий билим, малака ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб боришни назарда тутади. Малака оширишнинг асосий турлари тўғридан-тўғри малака ошириш ва билвосита малака ошириш ҳисобланади.
  1. Институт Устави “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институт (марказ)лари ҳақида Низом” асосида тайёрланади ҳамда ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида белгиланган тартибда тасдиқланади ва ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органларида рўйхатдан ўтказилади.

Институтдаги ички бошқарув тамойиллари, таълим жараёни қатнашчиларининг ҳуқуқ ва вазифалари олий таълим муассасалари учун жорий этилган ички тартиб-қоидалар асосида ишлаб чиқилади, институт ректори томонидан тасдиқланади ва амалда қўлланилади.

  1. Тингловчи малака ошираётган даврида унинг асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланади.

Тингловчининг институтга келиши ва кетиши билан  боғлиқ йўл харажатлари, шунингдек, ўқиш давридаги кундалик харажатлари уни ўқишга юборган ташкилот томонидан қопланади.

Институтнинг мақсади ва асосий вазифалари

  1. Институтнинг мақсади – педагогларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини тегишли таълим тури бўйича Давлат таълим стандартлари ёки Давлат талабларига мувофиқ ошириш ҳамда меҳнат бозори, шахс, давлат ва жамиятнинг таълимий  эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда педагогларни самарали қайта тайёрлашни амалга ошириш ҳисобланади.
  1. Институтнинг мақсадига мувофиқ асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»  ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари  талабларига асосан педагогларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини мунтазам янгилаш;

буюртмачининг якка тартибдаги топшириқлари ёки аниқ йўналтирилган дастурлар асосида вазирлик билан келишган ҳолда табақалаштирилган ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш;

раҳбар кадрлар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда унинг ҳозирги замон талаблари даражасида бўлишини таъминлаш;

педагогларнинг танқидий ва ижодий тафаккурини рағбатлантириш, мустақил маълумот олишига йўналтирилган замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш;

педагогика, психология, ўқув фанлари ва уларни ўқитиш методикасининг мамлакатимиздаги ва жаҳондаги энг янги ютуқларини мунтазам равишда ўрганиш  ҳамда тарғиб қилиш, шунингдек, замонавий ахборот ва педагогик технологияларнинг  педагоглар томонидан чуқур ўзлаштирилишини ва амалиётда қўлланилишини таъминлаш;

малака ошириш жараёни учун ўқув режалари, дастурлари, методик тавсияномалар, маърузалар тўплами ҳамда ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда чоп этиш;

педагог кадрларнинг малакасини оширишга доир долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларнинг натижалари амалиётда қўлланилишини таъминлаш;

педагогларнинг ўз касбий малакаларини такомиллаштиришга бўлган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва услубларидан фойдаланиш;

ҳудудлардаги таълим муассасаларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича мунтазам маркетинг изланишларини  олиб бориш, янги жорий этилган ёки ўқитувчилар билан етарли даражада таъминланмаган фанлар бўйича педагогларни қайта тайёрлашни таъминлаш;

туман (шаҳар) методика кабинетларининг таълим муассасаларига методик ёрдам бериш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга тегишли ёрдам кўрсатиш;

хорижий давлатлардаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасалари билан ҳамкорликни  амалга ошириш;

таълим муассасаларида ишлаб турган педагогларнинг ўз касб малакаларини такомиллаштиришга бўлган шахсий  эҳтиёжларини тўлароқ қондириш мақсадида давлат томонидан маблағ билан таъминланмайдиган (контракт асосидаги) таълим хизматларини ташкил этиш ва шунга боғлиқ штатлар бирликларини жорий этиш, бундай хизматлар бўйича хақ тўлашни қонун доирасида мустақил ҳал этиш.

Институт тингловчилари таркибини шакллантириш 

  1. Институт тингловчилари таркиби мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, мактабдан ташқари ва махсус таълим муассасаларининг олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган педагог кадрлари, шунингдек,  халқ таълими бошқарув органларининг турли бўғинлари кадрларидан ташкил топади.

Педагог кадрлар малакасини оширишнинг даврийлиги ва қанча давом этиши уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагогнинг малакаси (рейтинги) даражаси ва индивидуал касбий эҳтиёжига мувофиқ кадрлар буюртмачисининг талабларига боғлиқ ҳолда белгиланади. Бунда халқ таълими раҳбар ва педагог кадрлари ҳар 3-5 йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтади.

Педагогларнинг қайта тайёрлашга жалб қилиниши, қайта тайёрлаш тартиби, унинг шакли ва муддати Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади, вазирликнинг махсус ҳужжати асосида ҳамда педагогларнинг ўз эҳтиёжидан  келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ёки зарур ҳолларда вазирлик билан келишилган ҳолда бюджет ҳисобидан амалга оширилади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш асосий ишидан ажралган ва ажралмаган ҳамда масофадан туриб ўқитиш методлари қўлланилган ва ўз билимларини мустақил оширган ҳолда амалга оширилади.

  1. Тингловчиларнинг таркибини шакллантириш жойлардаги таълим муассасаларининг эҳтиёжларини ўрганиш натижасига кўра таълимнинг ҳудудий бошқарув органлари  буюртмалари асосида институтнинг маркетинг хизмати томонидан амалга оширилади.

Бу буюртмаларни туман(шаҳар) ХТБларининг методика кабинетлари томонидан  ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малака ошириш ва қайта тайёрлашга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотлар асосида, тегишли раҳбар ва педагог кадрларнинг исм-фамилиялари ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилган ҳолда тузилади ва институтга юборилади.

Институтда малака ошириш курсида ўқишлари белгиланган раҳбар ва педагог кадрлар тўғрисидаги маълумотлар банки ҳудудий халқ таълими бошқарув органлари томонидан тузилиб, институтга етказилади ва шу банкдаги ўзгаришлар ҳақида ҳар йили янги маълумотларни бериб борилади.

  1. Институтнинг йиллик иш режаси тасдиқлангандан кейин унга киритилган курслар ва уларга жалб этиладиган педагог кадрларнинг сони ва лавозими, мутахассислик фани бўйича тоифалари ҳақидаги маълумотлар тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ва ўқув муассасаларига етказилади. Мазкур режа асосида педагог кадрлар таълимнинг ҳудудий бошқарув органи томонидан тегишли институтга режада кўрсатилган муддатларда ўқишга юборилади.
  1. Қайта тайёрлаш ёки малака оширишга юборилган педагог кадр институт ректорининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади. Тингловчилар гуруҳини шакллантириш, институтнинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда педагог кадрларнинг базавий маълумоти, мутахассислиги, тоифаси ва эгаллаб турган лавозимлари, шунингдек, ҳудудий халқ таълими бўлимининг талаблари ҳисобга олинади.

 17. Давлат тасарруфида бўлмаган (мулкчиликнинг нодавлат шаклида фаолият кўрсатаётган) таълим муассасаларининг педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Институт тингловчиларига бериладиган ҳужжатлар

  1. Қайта тайёрлаш ёки малака ошириш бўйича Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган таянч ўқув режаси ва Давлат талаблари асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини муваффақиятли бажарган педагог кадрларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар берилади:

малака ошириш ҳақидаги сертификат – камида 144 соат ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган шахслар учун;

қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом – камида 576 соат ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган шахслар учун.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш натижалари тўғрисидаги маълумотлар ўз вақтида педагогнинг рейтинг дафтарчасида қайд этилади, унинг намуналари ва уни тўлдириш тартиби вазирлик томонидан тасдиқланади. Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртмаси асосида тайёрланади.

Қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсида ўқиган тингловчи тегишли таълим дастурларини тўлиқ бажармаган ёки якуний аттестацияда 55 балдан кам балл тўплаган ҳолда унга шу курс ўқув машғулотларида қатнашгани тўғрисида (иштирок этган дарс соатлари умумий сони кўрсатилган ҳолда) шу институтнинг маълумотномаси берилади.

 Институт кадрларининг таркиби

  1. Профессор-ўқитувчиларни вакант лавозимларга ишга қабул қилиш ва уларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш олий таълим муассасалари учун жорий этилган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилади.
  1. Институт профессор-ўқитувчиларининг таркибини шакллантиришда уларнинг олий педагогик маълумот(мутахассис, магистр)га ҳамда умумтаълим муассасаларида камида 3 йиллик иш стажига, айрим ихтисосликлар (ҳуқуқ, иқтисод ва ҳ.к.) бўйича олий маълумот(мутахассис, магистр)га эгалиги, касбий маҳорати, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларини тушуниши ва уларни ўз йўналиши бўйича рўёбга чиқара олиш салоҳияти, миллий ғоя ва маънавият асосларини, шунингдек, тегишли таълим тури учун мавжуд Давлат таълим стандартлари ёки Давлат талабларининг моҳиятини чуқур билиши ва уларни тингловчилар онгига етказа олиш қобилияти ҳисобга олинади. Институтда асосий штатда тўлиқ ставкада ишлайдиган профессор-ўқитувчиларга ҳафтада бир кун уларнинг ижодий методик ишлар билан шуғулланишлари учун ажратилади.
  1. Институтда дарс бериш учун республика олий таълим муассасаларининг етук профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ва бошқа тармоқ илмий-тадқиқот институтларининг олимлари, давлат ва жамоат арбоблари, илғор тажрибали амалиётчи ўқитувчи ва методистлар, дарслик муаллифлари ва бошқалар амалдаги меҳнат қонунчилиги асосида жалб қилинади.

 

Институтда  ўқув жараёнини ташкил қилиш ва илмийметодик фаолият

  1. Институтда ўқув жараёни календарь йили давомида амалга оширилади.
  1. Институтда қайта тайёрлаш ва малака ошириш режалари халқ таълими ҳудудий бошқарув органлари томонидан тақдим этиладиган буюртмалар асосида календарь йил учун шакллантирилади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Гуруҳдаги курс тингловчиларининг сони малака ошириш курсларида       20-25 нафарни, қайта тайёрлаш курсларида 15-25 нафарни ташкил этади.

  1. Институтда ўқув жараёни тингловчилар ишдан ажралган ва ажралмаган шаклларда, шунингдек масофадан ўқитиш орқали амалга оширилиши мумкин. Педагогларнинг ишдан ажралмаган шаклдаги малака ошириш курслари таълимнинг ҳудудий бошқарув органи таклифи ва вазирликнинг рухсатига биноан, истисно тариқасида ташкил этилиши мумкин. Бундай курслардаги машғулотлар асосан педагогларнинг методик кунларида, мактаблардаги таътиллар даврида ва дарсдан бўш вақтларида ўтказилади. Педагогларнинг масофадан ўқитиш шаклидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидаги машғулотлар асосан педагогларнинг дарсдан бўш вақтларида Интернет тармоғи орқали, шунингдек, уларнинг методик кунларида контакт-сессиялар сифатида ўтказилади.
  1. Ўқув жараёни Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган таянч ўқув режалар асосида ташкил қилинади. Институт мазкур таянч ўқув режаларга асосан ўқув-мавзу режалар ва дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва рўёбга чиқаради. Ўқув режалари ва дастурлари педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган Давлат талабларини эътиборга олган ва уларни тўла қондиришга йўналтирилган бўлиши шарт.
  1. Педагог кадрлар малакасини ошириш шакллари – тўғридан-тўғри малака ошириш (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита малака орттириш (таълим дастурларисиз ўқитиш) йўналишида белгиланади. Малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва билвосита шакллари Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этилади.
  1. Педагог кадрлар малакасини ошириш тўғридан-тўғри шаклларининг умумий давом этиш муддати асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда камида 4 ҳафта (144 соат), аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш вазирлик томонидан намунавий ўқув дастурлари асосида тасдиқланадиган мақсадли таълим дастурлари бўйича амалга оширилади. Ўқув юкламасини режалаштиришда тингловчиларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.

Қайта тайёрлашнинг қанча давом этиши илгари олинган олий таълим даражасига, қайта тайёрлашнинг тури ва кўп меҳнат талаб қилишига, ўқитиш шаклларига боғлиқ бўлади ва асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитилганда камида 16 ҳафта (576соат) бўлиши керак.

Ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади. Асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 24 соат ҳажмида белгиланиши керак.

Таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган нопедагогик мутахассисликка эга кадрларни дарс бериб турган мутахассислигига қайта тайёрлаш кўзда тутилади.

  1. Институтда ташкил этилаётган курсларнинг дарс жадвалларини тузиш, тингловчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, ўқув жараёнининг меъёрий ҳужжатларга мос равишда ўтишини назорат қилиш ва дарс соатларини ҳисобга олиш ишлари институтнинг ўқув бўлими томонидан амалга оширилади. Ўқув бўлими зиммасига тингловчиларни қабул қилиш ва курсларни тугатганлик ҳақидаги буйруқлар лойиҳасини тайёрлаш, уларга бериладиган ҳужжатлар (сертификат, диплом, рейтинг дафтарчаси)ни расмийлаштириш, шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари ва таклиф этилган педагогларнинг дарс соатлари ҳисобини олиб бориш вазифалари юклатилади.
  1. Институтда масофадан ўқитиш орқали ташкил этилаётган курсларнинг дарс жадвалларини тузиш, тингловчиларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш, ўқув жараёнининг меъёрий ҳужжатларга мос равишда ўтишини назорат қилиш ва дарс соатларини ҳисобга олиш ишлари институт қошидаги Масофадан ўқитишни ҳудудий мувофиқлаштириш маркази томонидан амалга оширилади. Масофадан ўқитишни ҳудудий мувофиқлаштириш маркази зиммасига масофадан ўқитиш орқали ташкил этилаётган курсларга тингловчиларни қабул қилиш ва курсларни тугатганлик ҳақидаги буйруқлар лойиҳасини тайёрлаш, уларга бериладиган ҳужжатлар (сертификат, диплом, рейтинг дафтарчаси)ни расмийлаштириш, шунингдек, мазкур курсларда дарс берган институт профессор-ўқитувчилари ва таклиф этилган педагогларнинг дарс соатлари ҳисобини олиб бориш вазифалари юклатилади.
  1. Институтдаги ўқув жараёни амалдаги қоидаларга мувофиқ тузиладиган ва институт ректори томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади. Машғулотлар жуфт ўқув соатлари шаклида, 80 минутдан белгиланади.
  1. Институтда ўқув машғулотлари маъруза, амалий машғулот, лаборатория иши, семинар, ишчанлик ўйини, имитация дарси, тажриба алмашиш дарси, тренинг, интерфаол машғулотлар ва бошқа шаклларда олиб борилади. Айрим ўқув машғулотларини илғор таълим муассасалари негизида ташкил этиш мумкин.

Кўчма малака ошириш курслари институтнинг йиллик иш режасига киритилган ёки мақсадга мувофиқ бўлган айрим ҳолларда Халқ таълими вазирлигининг рухсати асосида белгиланган тартибда ташкил этилиши мумкин.

  1. Тингловчилар ўзлаштиришининг якуний аттестацияси малака ошириш курсида – тест синови ва малака иши ҳимояси, қайта тайёрлаш курсида тест синови ва битирув иши ҳимояси шаклида 100 баллик тизимда амалга оширилади. Институтда тингловчиларнинг ўзлаштириши назоратини ёзма иш, амалий топшириқлар, реферат, тест, очиқ дарслар ва бошқа шаклларда олиб борилади.

Таълимни бошқариш ҳудудий органлари ва таълим муассасалари вакиллари буюртмачи сифатида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг якуний аттестациясида иштирок этишлари мумкин.

  1. Институтдаги илмий-методик изланишлар ўқув жараёнини такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш, методик тавсия, қўлланма ва дарс ишланмаларини яратиш мақсадида ташкил этилади ва амалга оширилади.

Институтдаги илмий-тадқиқот ишлари халқ таълимининг ва хусусан, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнининг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган фундаментал, инновацион ва амалий изланишлар бўлиб, уларни ташкил этиш ва ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилинади.

Институтнинг  таркибий  тузилиши

  1. Институтнинг таркибий тузилиши мазкур Уставга асосланиб, Фарғона вилоятининг ҳудудий эҳтиёж ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Институтда ўрнатилган тартибда аспирантура ташкил этилиши мумкин.

Кафедра институтдаги асосий таркибий қисм ҳисобланади ҳамда бир ёки бир нечта турдош йўналишлар бўйича ўқув, методик ва илмий ишларни олиб боради.

Институт қуйидаги таркибда иш олиб боради:

– ректор;

– ўқув-методик ишлар бўйича проректор;

– маънавий-маърифий ва илмий ишлар бўйича проректор;

– Ижтимоий фанлар ва маънавият асослари (тарих, давлат ва ҳуқуқ асослари, миллий ғоя ва маънавият асослари) кафедраси;

– Тил ва адабиёт таълими (она тили ва адабиёт, инглиз тили, немис тили, француз тили, Давлат тили, тожик тили, рус тили ва адабиёти) кафедраси;

– Педагогика, психология ва мактабгача таълим кафедраси;

– Табиий фанлар таълими (Химия, биология, география, иқтисодий билим асослари) кафедраси;

– Жисмоний тарбия, санҳат ва меҳнат таълими кафедраси;

– Таълимни бошқариш кафедраси;

– Аниқ фанлар таълими (математика, физика, информатика) кафедраси;

–          Бошланғич таълим кафедраси;

–          Масофадан ўқитишни ҳудудий мувофиқлаштириш маркази;

–          Ўқув бўлими;

–          Илмий бўлим;

–          Маркетинг ва диагностика бўлими;

–          Нашриёт ва ташқи алоқалар бўлими;

–          Девонхона;

–          Кадрлар бўлими;

–  Ҳисоб-китоб бўлими;

Javob qoldirish

Email manzilingiz hech kimga ko'rsatilmaydi.Majburiy bo'limlar belgilangan *

*